Тошкент фармацевтика институти ректорининг коррупциядан ҳоли олий таълим муассасаси лойиҳасини амалга ошириш юзасидан МУРОЖААТНОМАСИ

13.07.2020, 19:52 Institut yangiliklari, Ma’naviy-ma’rifiy tadbirlar, Yangiliklar 1970

АЗИЗ ЁШЛАР ВА ҚАДРЛИ ОТА-ОНАЛАР!

        Юртимизда ҳар бир соҳада порахўрликка қарши муросасиз кураш кетмоқда. Мазкур иллатга қарши тизимли равишда курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Агентлик коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.
Олий таълим тизимида ҳам порахўрликдек жирканч иллат бартараф этилиши учун қатор чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг ойлик маошларини сўнгги бир йил ичида уч маротаба ошириш бўйича қарорлар қабул қилингани, илмий фаолият билан шуғулланаётган ходимларни қўшимча устамалар билан таъминланаётганлигига жавобан халқимизга садоқат, фидоийлик, ташаббус кўрсатиб ва ҳалоллик билан хизмат қилиш фурсати етганлигини бугун биз         Тошкент фармацевтика институтида меҳнат қилаётган ҳар бир раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилар жуда яхши англаб турибмиз.
Коррупцияга қарши аёвсиз курашни қабул жараёнларидан бошлаб, талабалар ўқишини биринчи курсдан то охирги курсига қадар барча фанларни ўзлаштириш, курс иши, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, олий таълимдан кейинги таълимда ҳам бирдек ташкил этамиз. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган институт жамоаси аъзосига – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар” эканлигини қатъиян таъминлаймиз. Институтни илм, маърифат масканига айлантириш йўлида барча ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда ҳаракат қиламиз. Бу йўлда талаба-ёшларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз – жамоамизнинг ҳар бир аъзоси бизга энг катта кўмакчи бўлишига ишонамиз.
ҚАДРЛИ ОТА-ОНАЛАР! Порахўрликни бартараф этишда сизларнинг ёндошишингиз ниҳоятда катта роль ўйнайди. Институтнинг қабул жараёнларида ҳамда фарзандларингизнинг таълим олишининг барча босқичларида турли найранг ва фирибгарликлар қурбонига ёки аъзосига айланиб қолманг. Фақат ёшларнинг билимига ишонинг ва шунга таянинг. Чуқур билим инсонни камолот сари етаклашига ишонинг. Зеро, барча эзгу амалларнинг бош омили бу илмдир.
Бугун ўз йўлини мустақил танлай оладиган, касбини эъзозлайдиган кадрларни тайёрлаш ҳаммамизнинг асосий вазифамизга айланмоғи керак. Бу йўлда сиз азизлар фарзандларимизни ёлғон муносабатлар қурбонига айлантирманг. Бугун сифатли кадрни таълим муассасасига қабул қилиниши юрт истиқболини белгилашини унутманг.
Коррупция ва таъмагирлик каби жирканч иллатларга қарши курашда қисқа муддатларда самарали натижага эришиб, бошқа соҳаларга ўрнак бўлайлик. Чунки, зиёлилар жамиятни олдинга етакловчи асосий куч саналади. Таъмагирлик ва коррупция иллатларини бартараф этишда бизга кўмакчи бўлинг!

Тошкент фармацевтика институти ректори
тиббиёт фанлар доктори
​​​​​ К.РИЗАЕВ