Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Тошкент фармацевтика институти ректорининг байрам табриги

31.08.2020, 14:35 Boshqalar, Institut yangiliklari 1662

Ҳурматли жамоамиз аъзолари, азиз талабалар!

Аввало сиз азизларни, бутун халқимизни энг буюк, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги  муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Бу йилги Ватан Мустақиллигини тинчлик, осойишталигимизга шукроналар келтириб, «Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган улуғвор шиор остида нишонлаяпмиз.

Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз. Мустақиллик туфайли биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. Ҳаттоки, бугунги кундаги пандемия шароитига қарамасдан метин иродали халқимиз ҳозирги пандемия даврида ҳам ирода, сабр-бардош билан ёндашиб келмоқдалар.

“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили муносабати билан институтда янги ўқув йили  учун  кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу саъий-ҳаракатлар, интилишларнинг барчаси келажагимиз бўлган ёшларимиз манфаатлари учунгина кўзланган. Улар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш сингари долзарб масалалар доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Қадрли жамоа, институт раҳбар-ходимлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар!

Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан самимий табриклайман.

Ватанимиз ва халқимизга ўзининг билим ва заковати, маънавий салоҳияти билан хизмат қилаётган илмий ва ижодкор профессор-ўқитувчилар ва ходимларимизга янги-янги ютуқлар тилайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий ҳотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар бахту камолини кўриш насиб этсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, жонажон Ўзбекистонимиз омон бўлсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Тошкент фармацевтика институти ректори,  тиббиёт фанлари доктори К.С. Ризаев