ТОШКЕНТ ФАРМАЦЕВТИКА ИНСТИТУТИ РЕКТОРИ К.С.РИЗАЕВНИНГ ТАБРИГИ

31.07.2020, 11:05 Institut yangiliklari, Yangiliklar 2186

Авваламбор, оз фурсатда менга қадрдондек бўлиб улгурган, институтимиз жамоасини, азму шижоатли талабаларимизни қолаверса юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, иймон-эътиқодли халқимизни бугунги Арафа куни, келаётган Қурбон ҳайит айёми билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.
Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Шу ўринда бир ҳақиқатни эслатиб ўтишни зарур, деб биламан. Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.
Чиндан ҳам, ҳар қандай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик бўлади.
Мана шундай оғир бир даврда тушкунликка берилмасдан, халқимиз учун 1105 рақамли Call – марказда чин дилдан фидокорона фаолият олиб бораётган ходимларимиз юртдошларимизга пандемия шароитида касалликни даволаш бўйича тиббий маслаҳатлари, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш бўйича кўрсатмаларини бериб келмоқдалар. Ушбу маслаҳатлар орқали халқимиз ўзларига керакли маьлумотларни олганликларини, қанчадан-қанча фуқароларимизни тушкунлик ҳолатидан соғлом турмуш тарзига қайтганлиги мисолида куришимиз мумкин.
Шунингдек, институтимиз жамоасидан бир гуруҳ раҳбар ходимлар ва профессор-ўқитувчилар айни дамда мен билан елкама-елка, оиласидан йироқда карантин ҳудудларида хизмат қилишмоқда. Бу албатта тақсинга лойиқ.
Шу боис жамоамизнинг барча жонкуяр ходимларининг фидокорона меҳнатлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман ва call-марказда хизмат қилаётган ходимлар бир ярим миллион сўм миқдорида, хизмат сафарда фаолият олиб бораётган жамоамизнинг аьзолари икки миллион сўм пул мукофоти билан рагбатлантирилди. Кириб келаётган Қурбон ҳайити, хайр-у саҳоват, эҳсон ва меҳр-оқибат байрамидир.
Шу муносабат билан, барчангизни эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, эҳсон улашадиган,  хайрли амаллар учун беҳисоб савоблар ёғиладиган, ўзаро бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари тараннум этиладиган бугунги Арафа куни ва келаётган Қурбон ҳайит айёми билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман. Хонадонингизга тинчлик-осойишталик, файз-у барака тилайман. Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!

Тошкент фармацевтика институти ректори,

тиббиёт фанлари доктори  К.С. Ризаев